ТОШКЕНТ, 26 июл – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлигида Москва Ташқи иқтисодий ва халқаро алоқалар Департаменти делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Nuz.uz.
Олег Шутенко бошчилигидаги Москва делегация билан учрашув давомида ушбу йилнинг октябрь ойида Тошкентда илк бор ташкил қилинаётган "Россия - Ўзбекистон ҳудудлараро ҳамкорлик" форуми доирасида Тошкентда "Москва кунлари" ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Октябрь ойида бўлиб ўтадиган “Москва кунлари” тадбири доирасида Тошкентда маданият ва спорт тадбирлари ҳамда ишбилармонлар учрашувлари ташкил қилиш режалаштирилган. Ушбу форумга, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳам ташриф буриши режалаштирилмоқда.
Тошкент ва Москва smart city, хавфсиз шаҳар, ақлли ёритиш тизими ва парковка каби инфразтузилма лойиҳалари доирасида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.
Хабарда айтилишига кўра, келаси йил Москвада “Тошкент кунлари” тадбири ўтказилиши ҳам режалаштирилган.