ТОШКЕНТ, 25 июл - Sputnik. Қирғизистон жанубида Афғонистондаги жангарилар лагерида тайёргарликдан ўтиш мақсадида кетаётган ўзбекистонлик шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон ИИВ ахборот портали хабар берди.
У жангарилар лагерида қўпорувчилик-террорчилик бўйича тайёргарликдан ўтиш мақсадида "Ўзбекистон-Қирғизистон-Тожикистон-Афғонистон" йўналиши орқали Афғонистонга ўтмоқчи бўлган.
Уни Боткен вилояти ИИБ экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши кураш хизмати ходимлари қўлга олишган.
"Ўзбекистон фуқароси О.П. Боткен тумани ҳудудида қўлга олинди. Унинг ёнидан электрон ахборот ташувчилар, араб ёзувидаги адабиёт,иссиқ кийимлар, фонар, озиқ-овқатлар ва бошқа буюмлар топилди", - дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан ўрганилмоқда.