Самарқанддаги мактаб-интернат директори ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

© Sputnik / Екатерина Чеснокова / Медиабанкка ўтишПреступник за решеткой
Преступник за решеткой - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Жиноят иши доирасида 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят суд-тиббиёт экспертизаси бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди

ТОШКЕНТ, 24 июл – Sputnik. Самарқанддаги 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 2018 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига фуқаро М.М. мурожаат қилиб, ўз аризасида Самарқанднинг 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олаётган фарзанди Э.М. ва бошқа тарбияланувчилар интернатнинг мансабдор ва масъул шахслари томонидан қийнаб, уларга тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида хабар берган.

Воспитанники детского дома - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистондаги барча болалар уйларида видеокузатув камералари ўрнатилмоқда

Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган. Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), М. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.) ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганликларини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия жараёнида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган.

Самарқанд вилоят суд-тиббиёт экспертизаси бюросининг хулосаларига кўра, М.М.нинг фарзанди Э.нинг танасида қатор жароҳатлар мавжудлиги, улар “Енгил тан жароҳатлари” гуруҳига кириши аниқланган.

“Жиноят иши доирасида 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят суд-тиббиёт экспертизаси бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди, тарбияланувчиларнинг амбулатор карталари баённомалар асосида олиниб, ўрганилмоқда”, - дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернат директори Ш.Садинов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди, 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактаб-интернат директори Ш.Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0