ТОШКЕНТ, 18 июл - Sputnik. Республика бўйича жами 60 та олий таълим муассасалари ва уларнинг 19 та филиалига 675 049 нафар абитуриентдан ариза қабул қилинди. Танлов кўрсаткичи бир ўринга ўртача 8,3 тани ташкил этди. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар берди.
Абитуриентлардан энг кўп ҳужжат Қарши давлат университетига энг кўп - 30 937 нафар абитуриент ҳужжат топширди.
Кейинги ўринларда Самарқанд давлат университети – 28 733 нафар ва Фарғона давлат университети – 27 726 нафар.
Энг катта конкурс Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига тўғри келмоқда – 1 ўринга 23,2 абитуриент.
Бу кўрсаткич Андижон машинасозлик институтида 1 ўринга 18,3, Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалида 1 ўринга 17,6 тани ташкил этади.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул учун ҳужжат қабул қилиш ишлари 15 июл куни якунланди, кириш имтиҳонлари 1 августдан 15 августгача бўлиб ўтади.