Александр Елагиннинг айтишича, 2016 йилда Англия Премьер-лигасини шарҳлаш учун илк бор келганидаёқ Ўзбекистон унинг учун иккинчи уйига айланган.
"Россиядагилар бу ерда ишлаётганимга ҳасад қилишди. 32 миллион кишилик аудитория, футбол бўйича жаҳон чемпионати финали – бу ҳар қандай шарҳловчининг орзуси. Мендан Москвани соғинганимни сўрашади. Йўқ, чунки бу ерда ўзимни худди уйимдагидек ҳис қиламан", — деди шарҳловчи.
Ўз навбатида унинг ҳамкасби Денис Казанцев Россиядаги мундиал трансляция қилинган UzReport каналининг техник имкониятлари юқори эканлигини эътироф этди.
"Постсовет маконида илк бор айнан шу ерда техник ечимларни кўряпман – масалан овоз йўлакчасини – рус ёки ўзбек тилидаги эфирни танлаш. Ҳа, сигнал сифати ҳам юқори даражада – ҳаммаси рисоладагидек", — деди Казанцев.
Ўзбекона меҳмондўстлик ва маҳаллий ошхона ҳақида гапирар экан, у шундай хилма-хил ва тўйимли таомлар истеъмол қилиб ҳам хушбичим ҳолатда қоладиган ўзбекистонликларга ҳасад қилишини айтди.
"Бунга қандай эришасизлар? Бу ерга икки ҳафтага келасан ва шу заҳоти беш килога семирасан, энди анча вақт спортзалдан чиқмаслигимга тўғри келади", — деди шарҳловчи.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг "Матч-ТВ" телеканали шарҳловчилари Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати учрашувларини Ўзбекистондаги рус тилидаги аудитория учун ёритишда иштирок этишди.