ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2 837 та назорат тадбири ўтказилиб, 2 334 та ҳолатда молиявий интизомга риоя қилинмагани фош этилди. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 2018 йилнинг биринчи ярмида 279,2 миллиард сўмнинг нотўғри сарфлангани маълум бўлди.
Шундан камомад ва ўзлаштиришлар 35,9 миллиард, ноқонуний харажатлар 122,6 миллиард сўмни ташкил қилди. Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан 120,7 миллиард сўмнинг мақсадсиз сарфлангани аниқланди.
Нотўғри сарфланган 56,8 миллиард сўм белгиланган тартибда тикланди. 1 547 та ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилди.
Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қарор ва фармойишларига асосан 95 та хўжалик юритувчи субъектларда молиявий хўжалик фаолияти юзасидан назорат тадбири ўтказилиб, шундан 85 тасида 103,6 млрд.сўм миқдорида ноқонуний харажатлар аниқланди ҳамда текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.