ТОШКЕНТ, 7 июл – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этди ҳамда Қозоғистон халқи ва президент Нурсултон Назарбоевни ушбу тарихий сана билан самимий табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар учун қулай майдон ҳамдир”,- деди Шавкат Мирзиёев.
Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирларида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам қатнашди.
Тантанали маросимда ўзбекистонлик санъат усталари томонидан ҳам куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.
Эслатиб ўтамиз, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаотадан Оқмолага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. 1997 йил 10 декабрда Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ Оқмола шаҳри Қозоғистон Республикасининг пойтахти деб расман эълон қилинган. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилган. 2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ “6 июль – Пойтахт куни” давлат байрами этиб белгиланган.