ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 6 июль куни ушбу давлатга жўнаб кетди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари Қозоғистон пойтахтида Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади.
Ташриф давомида икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 2018 йилни Ўзбекистон йили деб эълон қилганди. 2017 йил якуни бўйича давлатлар ўртасида ташқи савдо айланмаси 8,6 % кўпайиб, 2 миллиард доллардан ошди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Қозоғистон сармояси иштирокида 281 та корхона фаолият юритмоқда ҳамда Қозоғистоннинг 14 та компания ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
Томонлар товар алмашиш ҳажмини 2018 йилда 3 миллиард долларгача, 2020 йилда 5 миллиард долларгача етказишни таъминлаш мақсадида ҳамкорликда тегишли чораларни кўришга келишиб олишган.