ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Самарқанд вилояти хотин-қизлари қўмитаси раиси Каттақўрғон шаҳридаги воқеадан афсусдалигини билдирди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Воқеа ҳар томонлама ўрганилмоқда, аёл билан эса шахсан суҳбат қурилди. У руҳан тушкунликка тушмаган, қонун устуворлигига ишонади.
Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги сабабли воқеа тафсилотларига батафсил тўхталмаймиз.
Аммо, шуниси аниқки, айбдорлар қонун доирасида ўз жазосини олади. Ҳали айби исботланмаган кишига, энг ёмони, хотин-қизга нисбатан қилинган бу хатти-ҳаракат миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушди.
Ушбу воқеа ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нафақат хотин-қизлар ўртасида, балки жамиятимизда ҳали кўп ишлар амалга оширилиши кераклигини кўрсатиб берди", — дейилади хабарда.
Шунингдек, қўмита раиси Ҳамротош Шодиева воқеа юзасидан аниқ далиллар асосида муносабат билдиришга ваъда берган.
Илгарироқ Ўзбекистон Хотин-қизлар раиси Танзила Норбоева ҳам "нопок опер" ҳодисасига ўз муносабатини билдирган эди.