ТОШКЕНТ, 4 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни "Медиация тўғрисида"ги қонунни имзолади, деб хабар қилмоқда УзА.
Медиация ўзи нима?
“Медиация - келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули” , - дейилган қонун матнида.
Оддий қилиб айтганда, медиация – бу низоларни томонларниг ўзаро келишуви асосида, судга етказмасдан ҳал этиш услубидир.
Медиация қандай ҳолларда қўлланилиши мумкин?
Қонунда айтилишига кўра, низоларни медиация услубида ҳал қилиш услуби, фуқаролик муносабатлари, тадбиркорлик фаолияти, меҳнат низолари ва оилавий муносабатлар соҳаларида ҳуқуқий муносабатлар бузилганда қўлланилиши мумкин.
Учинчи шахслар ҳуқуқларига, жамоат манфаатига таъсир қиладиган низоларга нисбатан медиация қўлланилмайди.
Медиациянинг асосий принциплари
Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.
Медиация ҳақидаги қонун 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради.