Ўзбек матбуотида портлаш содир бўлди - ғарбий ОАВ бош муҳаррири

© УзМААВстреча руководства УзМАА и радио "Озодлик"
Встреча руководства УзМАА и радио Озодлик - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
"Ўзбек матбуотида ижобий маънода портлаш содир бўлди ва биз ана шу портлашнинг бир бўлаги бўлишни хоҳлардик" - деди Озодлик радиоси бош муҳаррири ЎзМАА раҳбари билан бўлган учрашувда.

ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Кеча,  29 июнь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев ва "Озодлик" радиоси халқаро нотижорат ташкилотининг бош муҳаррири ҳамда вице-президенти Нинад Пежичлар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлиги.

Учрашувда ЎзМАА Бош директори Л.Тангриев меҳмонга Агентликнинг асосий фаолият йўналишлари ҳақида маълумот бериб, ушбу ташкилот оммавий ахборот воситалари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи эканлигини қайд этиб ўтди.

Нинад Пежич ушбу фикрни қўллаб-қувватлаб, Агентликнинг худди бошқа мамлакатларда бўлгани каби ОАВ соҳасида қонун бузилишларининг олдини олиш, уларнинг фаолият кўрсатишлари учун гувоҳнома бериш каби масалалар билан шуғулланиши унга маълум эканлигини алоҳида таъкидлаб, қуйидагиларни маълум қилди:

— Ўзбекистонга келишимнинг асосий сабабларидан бири шуки, бугун давлатингизда жуда катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Биз, албатта, бу ўзгаришларни Ўзбекистон учун яхши деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ўзбек матбуотида ижобий маънода портлаш содир бўлди. Ва биз ана шу портлашнинг бир бўлаги бўлишни хоҳлардик. Айнан мана шунинг учун ҳам Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият юритишни истаймиз. Мен Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари соҳасида катта иштиёқни ҳис қиляпман. Чунки ҳамма давлатларда ҳам матбуот соҳасидаги вазиятни яхши деб бўлмайди. Баъзи давлатларда ОАВ эркинлиги пасайиб бормоқда, — деди Нинад Пежич.

— Сиз таъкидлаган портлаш муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг самарасидир. Чунки, сир эмаски, ҳар қандай жамиятда матбуот ва ОАВ эркинлигини чекловчи кучлар мавжуд бўлади. Президентимизнинг қатъияти, азму шижоати ана шу кучларни енгди. Ўзбек журналистикаси тарихида ҳеч қачон кузатилмаган имконият эшиклари очилди, улкан шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Мисол учун, яқиндагина ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ёки нодавлат оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат фонди ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларни айтиб ўтиш мумкин. Шунингдек, 27 июнь — Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан ўнлаб нодавлат ОАВ, хусусан, интернет нашрлари вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди, — дея фикр билдирди Л.Тангриев.

Янгиликлар лентаси
0