ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июнь куни "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини амалга ошириш, аҳоли пунктларини обод масканларга айлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Йиғилишда бу борада бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Ҳудудларга қурилиш материалларини узлуксиз ва етарли миқдорда етказиб бериш, қишлоқларда шундай маҳсулотлар дўконларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу белгиланган тадбирларнинг сифатли ва муддатида бажарилишини таъминлаб, қурилиш ишлари нархи ошиб кетишининг олдини олади.
Дастурга қўшимча равишда киритилган қишлоқларнинг бош режасини ишлаб чиқиш, зарур маблағларни шакллантириш, қишлоқларга инвестициялар жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай тармоқларни қуриш ва таъмирлашни жадаллаштириш, шунингдек, йўллар, электр ва табиий газ тизимларини таъмирлаш зарурлиги таъкидланди.
Қишлоқларда таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат объектлари қуриш, кичик цехлар ташкил этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Маълумки, президент Шавкат Мирзиёев шу йил 4 июнь куни Чилонзор туманидаги "Хирмонтепа" ва "Тирсакобод" маҳаллаларида бўлганида "Обод маҳалла" дастури лойиҳасини шакллантириш бўйича топшириқ берган эди.
Бугунги кунда тажриба сифатида Тошкент шаҳрининг 11 та тумани ва республикадаги 30 та шаҳарда 1 тадан маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ўтган қисқа вақтда ушбу 41 та маҳаллада 72 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.
Бу борадаги ижобий тажрибани ва аҳоли хоҳиш-истакларини инобатга олиб, "Обод маҳалла" дастури қабул қилинди.
Ушбу дастурга мувофиқ жорий йилда ҳар бир шаҳарда камида 2 тадан ва 2022 йилгача ҳар йили камида 3 тадан маҳалла қиёфаси тубдан янгиланади. Ичимлик суви, электр ва табиий газ, канализация тармоқларида қурилиш-таъмирлаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 5 минг 607 километр ички йўллар, 369 та ижтимоий соҳа объектини таъмирлаш, 969 та бозор инфратузилмаси объекти ва сервис шохобчалари барпо этиш мўлжалланган. Бунинг учун маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида "Обод маҳалла" жамғармалари тузилади.
""Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини амалга ошириш ислоҳотларимиз орасида энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди. Чунки халқимиз олдида уларнинг муаммоларини ҳал этиш, турмуш кечириш шароити ва ҳаёти сифатини яхшилаш бўйича мажбурият олганмиз", — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент мазкур дастурлар доирасидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.