ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Алиев кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг иккита хонадонида ёнғин содир бўлиши натижасида тўрт киши жароҳат олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази хабар қилди.
Ёнғин 22 июн куни тахминан соат 19.51да содир бўлган.
"Ёнғин 3-қаватдаги хонадонда келиб чиққан ва дастлабки тахминга кўра, бунга газ плитасида ичида ёғ қиздиралаётган қозоннинг қаровсиз қолдирилгани сабаб бўлган", — дейилади хабарда.
Оловни мустақил ўчириш вақтида хонадоннинг тўрт нафар аъзоси куйиш жароҳатини олган ва касалхонага ётқизилган.
Аланга юқори қаватнинг балконига ўтган. Ушбу хонадондан уч киши ўт ўчирувчилар томонидан қутқариб олинган.
Соат 20.13да тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилган.