ТОШКЕНТ, 21 июн – Sputnik. Ўзбекистонлик абитуриентлар Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО)нинг Одинцово филиалига кириш учун республиканинг ўзида тест синовларини топширишлари мумкин. Бу ҳақда uznews.uz хабар бермоқда.
22 ва 23 июн кунлари МГИМО-Одинцово филиалининг бакалавриат йўналишига ўқишга киришни хоҳловчи абитуриентлар учун рус ва инглиз тиллари бўйича дастлабки тест синовлари бўлиб ўтади.
Институтда бакалавриат йўналишининг юриспруденция, иқтисодиёт, менежмент, бизнес-информатика, давлат ва муниципал бошқарув, сиёсатшунослик ва лингвистика ихтисосликлари бўйича таҳсил олиш мумкин бўлади.
23 июн куни магистратура йўналишига киришни хоҳловчилар учун ўқув дастурлари бўйича тақдимот ўтказилади ҳамда маслаҳатлар берилади.
Хабарда айтилишича, тест синовларида қатнашиш бепул бўлиб, қатнашувчилар сони чегараланган, яъни жами 150 талабгор иштирок этиши мумкин.
Синовларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш талаб қилинади.