ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Навоий вилоятининг Конимех туманида юз берган автоҳалокат натижасида уч киши вафот этди, яна уч киши касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа 14 июнь куни содир бўлган. Зарафшон шаҳрида яшовчи Ш.Э. "Кобальт" русумли автомашинасини "Навоий-Учқудуқ" йўлида ҳайдаб кетаётиб бошқарувни эплай олмай қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиши натижасида автомашина ағдарилиб кетган.
Натижада автомашина йўловчилари, Зарафшон шаҳрида яшаган П.Х. жароҳат олиб воқеа жойида ўлган. Шунингдек, ушбу шаҳарда яшаган С.Э. исмли аёл ҳамда унинг қизи мактаб ўқувчиси А.Р.лар жароҳат олиб касалхонага ётқизилган, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай улар касалхонада вафот этганлар.
Шу билан бирга, автомашина ҳайдовчиси Ш.Э. ва унинг қолган йўловчилари, Зарафшон шаҳрида яшовчи Г.Ў. исмли аёл ва унинг турмуш ўртоғи Бухоро давлат университети 1-курс талабаси Х.Р. жароҳат олганлиги сабаб касалхонага ётқизилганлар ҳамда уларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.