ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Қирғизистон мотоциклчилари уюшмаси Марказий Осиё мотоциклчилари бирлашмаси, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон мото клублари билан ҳамкорликда 3-"Кўчманчи йўли" халқаро мотопойгасини ташкиллаштирди.
Мотопойга иштирокчилари тўрт мамлакат — Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларидан ўтган Буюк Ипак Йўли йўллари бўйлаб ҳаракатланишади.
Мотопойганинг асосий мақсади Марказий Осиёда дўстлик, ҳамжиҳатлик ва мустаҳкам оила руҳида мотомаданиятни тарғиб қилишга қаратилган.
Мотопойгачилар орасида Россиянинг Тюмень шаҳридан келган байкер-аёл Мария Якутенко ҳам бор.
"Мотопойгачилар орасида аёл-байкерларнинг борлиги бу табиий ҳол", деб таъкидлади пойга иштирокчиларидан бири Ильяз Тулеев ва Тожикистондан ҳам улар сафига эркак байкерлар қаторида бир нафар аёл-байкер қўшилишини айтиб ўтди.
Қирғизистон мотоциклчилари уюшмаси раиси Асқад Сеитбековга кўра, мотопойга иштирокчилари 12 июнь куни Олма-Отада тўпланишган ва эртаси куни йўлга чиқишган. Куни кеча улар Тошкент шаҳрига етиб келишган.
"Ушбу мотопойга Қирғизистонда ўтадиган Бутунжаҳон Кўчманчилар ўйинларига бағишланади. Ушбу акция орқали турли давлатлардаги интернет тармоғи, ижтимоий саҳифалар фойдаланувчилари ўзига хос олимпия ўйинлари бўлган Бутунжаҳон Кўчманчилар ўйинлари, бу ўйинларнинг аҳамияти ҳақида хабардор бўладилар. Ўзбекистон ҳукуматига эса бизга кўрсатган ёрдамлари учун барча байкерлар номидан ташаккур изҳор қиламан", — деди Спутник мухбири билан суҳбатда Сеитбеков.
Ўттиз етти нафар мотопойгачилар бугун Тошкент шаҳридан Самарқандга қараб йўл олдилар.
Самарқанддан сўнг улар Тожикистоннинг Душанбе, Хўжанд шаҳарларидан ўтадилар ва Ўшга кириб борадилар. Сўнгра байкерлар Токтогул-Бишкек-Иссиқ-Кўл маршрути бўйлаб ҳаракатланишади. Ҳар бир шаҳарда уларнинг сафи кенгайиб бораверади.
Мотопойгачилар ўз маршрутини 24 июнь куни Иссиқ-Кўлда бўлиб ўтадиган "Қирғизистон гавҳари" халқаро Байк Фест байрами арафасида якунига етказишни режалаштирган.