ТОШКЕНТ, 13 июн – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раисини саволга тутиб, водийда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборган Ёшлар иттифоқи раҳбарининг ҳаракатларига муносабат билдирди. Бу ҳақда “Дарё.уз” ўз мухбирига таяниб хабар берди.
“Баландпарвоз гаплар, тўйларни йўлда тўхтатиш менга керак эмас. Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат”, – деган Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Ёшлар иттифоқи раиси Фарғона водийсига сафари чоғида тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.