ТОШКЕНТ, 12 июнь – Sputnik. Россияда кучга кирган пенсия ислоҳоти собиқ Иттифоқ фуқароларига ҳам тўғридан-тўғри алоқадор, деб ҳисоблайди сиёсий эксперт Иннокентий Адясов.
Яқин тарихимизга бир назар ташлайлик. Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан кейин, мустақил республикалар ҳар бири ўз фуқароларини ўзи таъминлаши ҳақида келишиб олишди. Украина Чекка Шимол ҳудудида ишлаган фуқаролари учун пенсия устамалари талаб қилишига қарамасдан, бугунги кунга қадар ушбу ташаббус Дума томонидан тасдиқланмади.
МДҲ давлатлари 1992 йилда меҳнат стажини ўзаро ҳисобга олиш бўйича муҳим ҳужжатни имзолашган эди. Айни дамда Россия Болтиқбўйи мамлакатларида яшаётган собиқ ҳарбийларга пенсия тўлаб келмоқда. Бугунги мавзу учун бу муҳим мисолдир.
Уруш фахрийлари учун Россия пенсиялари
Россияда Улуғ ватан уруши файрилари ва СССР қаҳрамонлари учун пенсиялар жорий этиш масаласи бир неча бор кўтарилган бўлишига қарамасдан, шу дамгача аниқ қарорга айланмади.
Уруш фахрийлари сони, табиийки йилдан йилга камайиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, Россияда бугунги кунда уларнинг сони 100 мингдан кам. Бошқа республикаларда ҳам 100-120 мингга яқин ветеранлар ва бир неча минг СССР қаҳрамонлари қолган.
Уларга бугун Россияда ўртача миқдорда бўлган, 25-28 минг рубл нафақа тўлаш учун ҳар йили 500 млн $ га яқин маблағ керак бўлади. Бу катта сумма, лекин Россия бюджети уни кўтара олади.
Дунёда шундай иш олдин ҳам бўлганми? Ҳа, бўлган.
Масалан, Германия ҳукумати вермахт учун хизмат қилган хорижий фуқароларига ҳозиргача нафақа тўлаб келмоқда. (агар улар ҳарбий жиноятлар учун судланмаган бўлса)
АҚШ Въетнам уруши вақтида АҚШ армиясида учун ишлаган въетнамликларга ҳарбий пенсиялар тўлаб келмоқда.
Хўш, Россияга бунинг нима кераги бор?
Биринчи навбатда, албатта, бу тарихий одиллик ва миннатдорлик рамзи бўлади.
Шу билан бирга, Москва яна бир бор Буюк Ғалабага бутун совет халқининг кучи билан эришилганини ва Россия Федерацияси, СССРнинг меъросхўри сифатида, буни тан олишини кўрсатган бўлар эди.
Ушбу ташаббус, собиқ Иттифоқ республикаларида ижобий қабул қилинмоқда ва уларнинг айримлари билан муносабатларни яхшилашга хизмат қилади.
Айни дамда ушбу таклиф Россия Давлат Думасида “Ветеранлар тўғрисидаги” қонунга қўшимча сифатида кўриб чиқилмоқда. Агар Дума уни тасдиқласа, кейин ҳукумат ва президент томонидан имзоланиши керак бўлади. Бунга қанча вақт кетиши номаълум, асосийси – жараён бошланган.
Албатта, ушбу ташаббуснинг қонунга айланиши жамоатчилик фикри ва фуқаро жамиятининг фаоллигига ҳам боғлиқ бўлади.
Меҳнат мигрантлари учун пенсиялар
Барча мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, Россия меҳнат мигрантлари учун имкониятларга бой йўналиш бўлиб қолмоқда.
Бир неча йил давомида миграция соҳасининг назоратсизлиги Россия меҳнат бозори ва ноқонуний ишлаётган меҳнат мигрантлари учун катта муаммолар яратиб келди.
Лекин 2012 йилда Россия ушбу соҳада тартиб ўрнатишга киришди. Ҳукумат собиқ СССР мамлакатларидан келган мигрантлар учун меҳнат стажини ҳисоблашни бошлади. Бунинг учун иш берувчи мигрантни қонуний равишда ишга ёллаб, барча солиқларни тўлаб бориши керак бўлди.
Айни дамда Россия пенсия тизимида жорий этилаётган ўзгаришлар туфайли ушбу маблағлар билан нима бўлиши қизиқтирмоқда. Бу борада МДҲ давлатлари орасида меҳнат мигрантларига келажакда пенсияларни кафотлатловчи шартнома имзоланиши мумкин.
Украина МДҲдан чиқиш ҳақида декларация йўллагани туфайли ушбу мамлакат билан алоҳида шартнома имзолашга тўғри келиши мумкин. Россияда ишлаётган Украиналик мигрантлар сонини ҳисобга олганда, минглаб украиналик оилалар учун бундай ҳужжат ортиқча бўлмайди.
Пенсия таъминоти соҳасида энг аҳамиятли ҳужжат эса, ЕОИИга аъзо мамлакатлар томонидан Иттифоқнинг ўзга мамлакатида меҳнат қилаётган фуқароларини пенсия билан таъминлаш ҳақидаги ҳужжат бўлиши мумкин. Ушбу шартнома 2015 йил охирида ЕОИИ президиуми томонидан тасдиқланган бўлиб, 2018 – 2019 йилларда у кучга кириши мумкин.
Ушбу шартноманинг асосий принципи – ЕОИИ фуқароси пенсияси, унинг нафақа фондига Иттифоқнинг барча мамлакатларда жамланган нафақа тўловлари асосида шаклланади.
Масалан, Қирғизистон фуқароси ўз мамлакатида 8 йил ишлаган ва нафақа тўловларини тўлаган. Ундан сўнг россияга кўчиб ўтган ва яна 9 йил давомида Россияда қонуний ишлаган. Унинг учун барча тўловларни иш берувчи тўлаган. Нафақа ёшига етгач ушбу фуқаро Россия ва Қирғизистон улушларидан иборат нафақа оладиган бўлади.
Ушбу тамойил айни дамда Россия ва Белоруссия фуқаролари учун амал қилиб келмоқда. Шартнома ЕОИИ доирасида тасдиқланган ҳолда, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам нафақа ёшига етгач ижтимоий кафотлатларга эга бўлишига ишонч пайдо бўлади.