ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Жорий йил 5-июн куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Афғонистон Ислом Республикасига Ўзбекистондан 3 минг тонна буғдой инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди, деб хабар берди "Жаҳон" АА.
2017-йилнинг сўнгги ойлари ва 2018-йил бошларида Афғонистон ҳудудининг учдан икки қисмида қурғоқчилик кузатилди. Оқибатда буғдой ҳосили кескин камайиб кетди. Маълумотларга кўра, табиий офатдан Афғонистоннинг 2,3 миллион аҳолиси азият чекиши эҳтимоли бор.
Жорий йил 28-май куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатнинг 34 вилоятидан 16 таси қурғоқчиликдан азият чекаётганини маълум қилиб, дунё ҳамжамиятини инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг кўпгина сув омборлари қуриб қолган. Табиий офат асосан мамлакатнинг шимолий қисмида кузатилмоқда.
Ўзбекистон қўшни давлатнинг чақириғига биринчилардан бўлиб жавоб берди, қардош давлат аҳолисига ёрдам қўлини чўзди.
2018-йил январ ойида Ўзбекистон президенти номидан Афғонистонга 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника воситалари ҳадя қилинган эди. Шунингдек, мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори волтли электр линиялари, оптик толали кабел линиялари, сув таъминоти тармоқлари барпо этилди ва бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон делегациясини Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими кутиб олди.
Унда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани қайд этилиб, Ўзбекистоннинг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами икки давлат ўртасидаги дўстлик бардавомлигидан далолат экани таъкидланди. Яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистонга 3 минг тонна буғдой билан биргаликда болалар учун кийим-кечак ҳам жўнатилди.