ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Жорий йилнинг 4 июндан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб ойнаси қорайтирилган автомобилларга қарши рейд бошланган. Бу ҳақда "UzNews.uz" нашри хабар қилди.
Хабарда айтилишча, ҳозирги кунгача ўнлаб автомобиллар жаримага майдончасига олиб борилган.
Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига биноан автомашиналарнинг ён ва орқа томонлари қорайтирилган тақдирда, қуёш ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Маълумот ўрнида айтиш керакки, бу каби қоидабузарлик энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридаги жаримага сабаб бўлади. Бир йил ичида ушбу ҳуқуқбузарлик такрор содир этилса, энг кам иш ҳақининг икки баробари — 344.480 сўм жаримага солинади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган транспорт воситалари ойналарини қорайтиришга рухсат берилиши таклиф этилган петиция 9400дан ортиқ овоз тўплаганлиги ҳақида хабар берилганди.
Петиция муаллифи Артур Тажиев буни Ўзбекистон иқлими иссиқ эканлиги, пардалар ҳам тақиқлангани сабабли орқа ўриндаги болалар жазирама ва офтоб уришидан азият чекиши мумкинлиги билан изоҳлаган.