ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Россия Федерацияси президентининг 2018-йил 12-майдаги қарорига мувофиқ футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказиладиган пайтда, яъни 2018-йилнинг 25-майидан 25-июлигача бўлган даврда, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларни рўйхатга олиш муддати 1 суткадан 3 суткага оширилди.
Бундан ташқари, рўйхатга олиш тартибига яна бир ўзгартириш киритилди. Илгари 2018-йил 25-майидан 25-июлигача бўлган даврда чемпионат ўтказиладиган шаҳарлардан бирига келган хорижликлар ёки Россия фуқаролари фақатгина ички ишлар бўлинмаларида (ИИБ) рўйхат туришлари лозим бўлган бўлса, эндиликда ИИБ ёки "Менинг хужжатларим" ("Мои документы") кўп функцияли марказларида (КФМ) рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.
Мазкур қарор Россияда вақтинча яшашга рухсатнома ёки яшаш гувоҳномасига эгалигидан қатъий назар барча хорижликларга таъллуқлидир.
Ушбу тартиб фақат футбол бўйича 2018-йилги жаҳон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтадиган 11 та шаҳарга боришдагина долзарб. Ушбу шаҳарлар қуйидагилар: Москва, Санкт-Петербург, Волгоград, Самара, Сочи, Саранск, Калининград, Нижний Новгород, Ростов-Дон, Казань ва Екатеринбург.