ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети Тошкент шаҳар филиалида деканлик фаолиятини олиб бораётган Шавкат Равилов Спутник Ўзбекистон халқаро ахборот агентлигига университетдан ёппасига 23 нафар талабанинг четлаштирилиши ҳолатига изоҳ берди.
Декан берган маълумотларга кўра, И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетидан жорий йилда 22 нафар талаба академик қарздорлик, яна бир нафари эса ички тартиб-қоидаларга бўйсунмаганлиги сабабли талабалар сафидан чиқарилган.
"Ўқишдан четлатилган талабалар бугунги кунда Олий таълим вазирлигига ҳам, порталга ҳам мурожаат қилишмоқда. Аммо улар ўз мурожаатига тўғри четлаштирилганликлари ҳақида жавоб олганлар", — деб қўшимча қилди Равилов.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, талабалар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истаб уч маротаба адвокат ҳам ёллашган. Аммо олийгоҳ раҳбарияти томонидан тақдим этилган ҳужжат (буйруқ ва асос)ларни ўрганиб чиққан адвокатлар ўқишдан четлаштириш қарори тўғри қабул қилинган, деган хулосага келиб, талабаларни ҳимоя қилишдан бош тортганлар.
Равилов шунингдек, ушбу талабаларга икки марта имконият тақдим этилгани, аммо улар бу имкониятдан ҳам фойдалана олишмаганини таъкидлади.
Дарвоқе, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу ҳолат юзасидан фикр билдирар экан, талабалар сафидан четлаштириш ҳақидаги қарорни ижобий қабул қилишмоқда. Интернет фойдаланувчилари "Мана шундай қатъий қарор туфайли талабалар ўқишга жиддий ёндаша бошлайди. Пухта билимга эга бўлмаган мутахассислар ўз соҳасига фойда келтирмайди", деган мазмундаги изоҳларни қолдиришмоқда.