ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги Хирмонтепа маҳалласида бўлганида юртимиздаги ҳар бир маҳаллани обод қилиш зарурлигини таъкидлади, деб ёзди Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Алламжоновнинг ёзишича, Шавкат Мирзиёев "Фақат Президент юрадиган жойни зўр қилиб қўйиш — халққа хиёнат. Оддий одамлар яшайдиган қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш — бу садоқат", дея таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон президенти Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги аэродромда амалга оширилаётган ишларнинг бориши, Тошкент шаҳрининг Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида барпо этиладиган йўл ўтказгич ҳамда Оҳангарон шоссеси бўйлаб режалаштирилаётган ер усти метроси қурилиши лойиҳалари билан танишди.
Президент шунингдек, Тошкент шаҳрида барпо этилаётган кўпфункцияли спорт мажмуаси, Tashkent City бизнес марказининг қурилиши билан ҳам танишди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида бунёд этилаётган йўл ўтказувчи кўприкни бориб кўрди.
Кейин президент Чилонзор туманининг Хирмонтепа ва Тирсакобод маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди.