ТОШКЕНТ, 31 май – Sputnik. 2018 йилнинг июль ойидан эътиборан “GM Uzbekistan” АЖ ишлаб чиқариш қувватларида “Matiz” русумли автомобилларни йиғиш якунланади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
“Ушбу қарор моделлар қаторини янгилаш борасидаги стратегиясига мувофиқ ҳамда ушбу автомобилнинг техник эскирганлигини инобатган олган ҳолда қабул қилинди. Шу муносабат билан ушбу моделдаги автомобилларни етказиб бериш бўйича шартномаларга аризаларни рўйхатдан ўтказиш тўхтатилди”, - дейилади хабарда.
“GM Uzbekistan” истеъмолчилар олдида ўз мажбуриятлари бажарилишини ва автомобилларни тузилган шартномалар бўйича ўз вақтида ва тўлалигича етказиб берилишини алоҳида таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Matiz автомобили Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган тўртинчи модель бўлиб, 2001 йил август ойидан йиғила бошланган. 2004 йил декабрь ойида двигатель ҳажми 1 л бўлган “Matiz Best” хамда автоматик узатма қутили модификациялари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Matiz автомобиллари кичик ҳажмли автомобиллар синфига тегишли бўлиб, ушбу синфдаги автомобилларга бўлган эҳтиёж “Spark” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш орқали қопланиши айтилмоқда.