ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Ўзбекистон президентининг "Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойиши эълон қилинди.
"…Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ушбу тарихий воқеанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллигига бағишланган китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин", — дейилган ҳужжат матнида.
Шунингдек, китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ташкилий қўмита ташкил этилади.
Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва жасорат, эл-юртнинг ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида тарихий ҳақиқатни тиклаш ва уни келгуси авлодларга етказиш; республика ва хорижий мамлакатлардаги архив ва музейларда сақланаётган мавзуга оид тарихий ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш; Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтда қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимиздан уларнинг хотираларини ёзиб олиш, шахсий альбом ва кутубхоналарида сақланаётган тарихий материалларни тўплашдан иборат бўлади.
Шунингдек, уруш йилларида Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи, юртимизга кўчириб келтирилган ҳамда янги қурилган завод ва фабрикалар ҳақида маълумотлар йиғилади ва ўзбек халқи томонидан уруш даврида Ўзбекистонга эвакуация қилинган инсонларга, шу жумладан, ота-онасиз болаларга кўрсатилган меҳр-мурувватни, инсонпарварлик фазилатларини акс эттирилади;
Китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов зиммасига юкланган.