Ўзбекистонда болаларни соғломлаштириш учун 65 миллиард сўм йўналтирилади

© пресс-служба лагеря АмударёДетский оздоровительный лагерь Амударё
Детский оздоровительный лагерь Амударё - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Касаба уюшмалари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида Ўзбекистон республикаси ҳудудларидаги маҳаллалардан 700 нафар ўғил-қиз бепул дам олдирилади

ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. 2018 йилда Ўзбекистонда еспублика миқёсида жами 1 минг 313 та оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилади, бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тегишли идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилди, деб хабар қилди Федерация матбуот-хизмати.

"Жорий йилги мавсум давомида республика миқёсида жами 1 минг 313 та оромгоҳ, шу жумладан,  206 та стационар туридаги, 978 та кундузги, 129 та "Меҳнат ва дам олиш" оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу жорий йилда фаолият кўрсатувчи оромгоҳлар сони 23 тага кўпайганидан далолат беради. Ушбу оромгоҳларда жами 301 минг 589 нафар бола соғломлаштирилади. Уларнинг 153 минг нафардан ортиғи стационар, 148 мингдан зиёди  кундузги оромгоҳларга жалб этилади", — деди Федерация вакили Спутник мухбири билан суҳбатда.

Ушбу мақсадлар учун жами 65 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган. 

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясида Республика штаби, ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида ҳудудий штаблар фаолияти йўлга қўйилган.

"Алоҳида таъкидлаш зарурки, Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, оромгоҳларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди", — деди суҳбатдош.

Таъкидланишича, мавсумга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёз мавсуми давомида республика оромгоҳларида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 26 май куни бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида махсус ўқув-услубий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур семинарларда асосий эътибор болалар оромгоҳларида фаолият юритувчи ходимлар ва мутахассисларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш масаласига қаратилади. Уларга соҳага оид янгиликлар етказилади. Шунингдек, мутахассислар тегишли вазирликлар томонидан янгиланган тарқатма материаллар,яъни, услубий қўлланма ва тавсиялар, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш бўйича махсус сценарийлар, болалар учун фильмлар тўпламлари билан таъминланади. 

Болаларнинг овқатланиш рационини бойитиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам жорий йилда бир қатор янгиликлар жорий қилинган. Хусусан, таомномаларда дармондориларга бой таомлар, дамлама ва салатлар турларини кўпайтириш кўзда тутилган.

Оромгоҳларда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига эътибор кучайтирилиб, уларнинг саломатлиги доимий равишда малакали шифокор ва ҳамширалар назоратида бўлади. Шу мақсадда соғломлаштириш масканларидаги тиббиёт хоналари барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланмоқда", — дейди суҳбатдош.

Жорий йилги мавсумда ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4 минг нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги корхона ва ташкилотларга қарашли сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилади. Оролбўйи ҳудудидаги эҳтиёжманд оилалардан бўлган 500 нафар болажонлар эса “Шўртангазкимё” мажмуаси томонидан бепул ҳордиқ билан қамраб олинади.

Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 40 минг нафар болажон жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилади. Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг 1950 нафар тарбияланувчиси ҳамда жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланади.

2,5 минг нафар она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. Бепул йўлланмалар асосида дам олиш имкониятидан маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ота-она қаровисиз қолган болалар ҳам фойдаланадилар. Хусусан, касаба уюшмалари ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида республика ҳудудларидаги маҳаллалардан 700 нафар ўғил-қиз бепул дам олдирилади.

Бундан ташқари Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 500 нафар фарзанди Навоий кон-металлургия комбинатининг, Жиззах вилоятидаги кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзандлари "Жиззах аккумулятор заводи" АЖнинг ҳомийлик маблағлари  ҳисобидан бепул соғломлаштирилади. 

Шунингдек, Касаба уюшмалари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 16-18 ёшли коллеж ўқувчилари учун Меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари ташкил этилади. Бу ерда ўқувчилар ҳордиқ билан бирга ўзлари танлаган касб-ҳунарлар бўйича кўникмаларини оширибгина қолмай, ишлаб чиқариш амалиётини ҳам ўтадилар. Ҳордиқ давомида улар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда Тошкент вилоятидаги "Қуёшли" оромгоҳида Республика интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилади ҳамда турли фанлар бўйича ўтказилган "Билимлар беллашуви" ғолиблари бўлган ўғил-қизларнинг бепул соғломлаштирилиши таъминланади. Бундай оромгоҳлар фаолияти ҳар бир ҳудудда йўлга қўйилади.

Мавсумни самарали ўтказишда вазирликлар ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланилади. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги томонидан оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 1500 нафарга яқин ички ишлар ходимлари бириктирилиб, автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланди.

Мавсум давомида ҳар бир оромгоҳда нафақат ички ишлар идоралари, балки ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, коммунал соҳа ходимларининг ҳам кечаю-кундуз навбатчилиги ташкил этилади. Болаларни оромгоҳга олиб бориш ва олиб келиш ишлари йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кузатуви остида амалга оширилади. Шунингдек, барча оромгоҳларда ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилиб, ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан барча оромгоҳларда таълим-тарбия жараёнини мазмунли ташкил этиш, малакали кадрларни йўналтириш чоралари кўрилди. Шу мақсадда ўқув-услубий қўлланмалар қайта кўриб чиқилиб, мазмунан такомиллаштирилди. Айниқса, тўгаракларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратилиб, чет тилини ўргатиш ва ихтисослаштирилган оромгоҳлар дастурлари янада кенгайтирилди. Таълим – тарбия ишларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида оромгоҳларга 29 мингдан ортиқ юқори малакали педагог кадрлар, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, чет тиллари мутахассислари жалб этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оромгоҳларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини мунтазам назорат қилиш мақсадида оромгоҳларга 3300 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари жалб этилган. Улар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, оромгоҳда ишловчи ходимлар ва дам олувчи болаларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги каби масалалар назоратга олиниб, малакали тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланади. Шунингдек, оромгоҳларда дам олиб, соғломлаштирилаётган болажонларнинг саломатлиги доимий назоратга олинади.

Маданият вазирлиги томонидан оромгоҳларда ёш ижрочилар, маданият ва санъат арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, болалар маънавиятини юксалтиришга, улар ўртасида китоб мутоаласига бўлган қизиқишни оширишга йўналтирилган тадбирлар туркуми, саломатликларини мустаҳкамлашга қаратилган спорт мусобақалари ва турнирлар ўтказилади. Шу мақсадларда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш учун ҳар бир оромгоҳни қамраб олган Манзилли дастур ишлаб чиқилди. Унинг доирасида  оромгоҳларда ижодий жамоалар, санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, қизиқарли тадбирлар  ташкил этиб борилиши режалаштирлган.

Таъкидлаш лозимки, мавсум давомида ўтказилиши режалаштирлган тадбир ва акциялар ўғил-қизлар маънавиятини юксалтиришга, улар дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган. Ушбу тадбирлар тубдан янгиланган дастурлар асосида ўтказилади. “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари — болаларга” каби акциялар,  ёзувчилар, санъаткорлар, спорт усталари, ёши улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, машҳур кишилар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари, маданий тадбирлар шулар жумласидандир.

"Барча оромгоҳларда болалар учун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан махсус ишлаб чиқилган 34 номдаги ҳужжатли, бадиий ва анимацион фильмлар намойиш этиб борилади. Ва албатта ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари болаларга мос қўшиқ, шеър ва мусиқалар ёзилган дисклар, Ўзбекистонда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини болаларга тушунтириб берувчи банер ва плакатлар, стендлар ва кўргазмали воситалар билан таъминланган", — деди суҳбатдош.

Янгиликлар лентаси
0