ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Tashkent City лойиҳаси учун раҳбарият бутун дунёдан энг яхши тажрибаларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон таҳририятига Tashkent City инвестициялар ва инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўлими бошлиғи Анна Барсукова маълум қилди.
“Ҳозир тендер савдолари ўтказилмоқда, булар ичида Россия ва Америка компаниялари, биз энг яхши тажрибаларни йиғмоқдамиз… Бу Осиё, Япония ва Сингапур”, — деб таъкидлади Барсукова.
Яратувчилар Tashkent City қурилиши пойтахт ҳудудини янада ривожлантиришга муҳим туртки бўлади деб ҳисоблашмоқда.
“Tashkent City навбатдаги девелоперлик лойиҳа бўлиб қолмасдан, у бозор яратиши зарур…”, — деб якун ясади у.
Tashkent City халқаро бизнес маркази пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади.
Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади.
Tashkent City лойиҳаси бир миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.