Узоқ Шарқдаги оқсоқоллар: ўзбекистонликлар Владивостокда қандай яшашмоқда

© Sputnik / Виталий Аньков / Медиабанкка ўтишГорода России. Владивосток
Города России. Владивосток - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Владивостокда ишлайдиган ўзбекистонликлар Наврўзни Русский оролида қандай нишонлашади, бу ҳақда Sputnik мухбирига Приморье ўлкасидаги "Адолат" ўзбеклар ва ўзбекистонликлар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураков сўзлаб берди.

ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik, Ксения Набаткина. Приморье ўлкасида 158 миллат вакиллари истиқомат қилишади, бу ердаги муҳожирларнинг 80%и ўзбекистонликлар дейди "Адолат" ўзбеклар ва ўзбекистонликлар жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Нураков Sputnik мухбири билан суҳбатда.

- Приморьедаги ўзбекистонликлар нима билан шуғулланишади, қаерда ишлашади?

— Қурилиш, савдо, ишлаб чиқариш соҳаларида меҳнат қилишади. Сўнгги вақтда ватандошларимиз тиббиёт, давлат тизимида ҳам фаолият кўрсатишмоқда. Кимдир ўз бизнесига эга. Кўпчилик, албатта, бу ерга вақтинчага, пул топгани ва кейин Ўзбекистонга қайтиб кетиш учун келади. Айримлар ноқонуний ишлайди, ҳаммада ҳам ҳар ой 4200 рублдан пул тўлаш имкони йўқ.

Ҳозирда Узоқ Шарқ федерал университетида Ўзбекистондан 400дан ортиқ талаба таҳсил олади. Ўқишни битирганидан сўнг айримлар шу ерда қолади, кимдир ординатурага киришга ҳаракат қилади, масалан, Японияга.

- Владивосток ўзбекистонликларни нимаси билан жалб этади?

— Ўзбеклар билан ишлайдиган жамоат ташкилоти раиси сифатида айтишим мумкинки, бу ерда миллатлараро йирик жанжаллар юз бермаган, маҳаллий аҳоли мигрантларга нисбатан яхши муносабатда, шунинг учун кўпчилик шу ерга келади.

- Ташкилотингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Бу ерда ҳар бир миллатнинг ўз жамоат ташкилоти бор, нима учун ўзбекларники бўлмаслиги керак. Бунинг устига, улар бу ерда кўпчиликни ташкил этса. Шу боис мана шу ташкилотга асос солишга қарор қилганмиз.

Ташкилот 12 кишидан иборат оқсоқоллар кенгаши томонидан бошқарилади, уларнинг ҳаммаси Ўзбекистондан, фақат ҳозирда Россия фуқароси, 20,30,40 йилдан буён шу ерда яшашади. Ўзимизникиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳаммамиз жам бўлдик.

Оқсоқолларимиз турли шаҳарлардан — Бухоро, Самарқанд, Тошкент. Дастлаб тўрт киши эди, кейин мени раис этиб сайлашди. Сўнгра яна бир неча кишини жалб этдик. Уларга ватан ва миллат учун меҳнат қилиш кераклигини айтдик. Оқосоқоллар билан биргаликда йирик масалаларни ҳал қиламиз. Масалан, у ёки бу тадбирни қаерда ташкил этиш, қандай ўтказиш каби. Ватандошлар мурожаатлари билан эса асосан мен ва маслаҳатчиларим ишлашади.

- Кўпинча қандай муаммолар билан мурожаат қилишади?

© VL.ru Баходир Нураков, председатель общественной организации узбеков и уроженцев Узбекистана "Адолат"
 Баходир Нураков, председатель общественной организации узбеков и уроженцев Узбекистана Адолат  - Sputnik Ўзбекистон
Баходир Нураков, председатель общественной организации узбеков и уроженцев Узбекистана "Адолат"

— Асосан ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар. Баъзида маиший ёки оилавий муаммоларни ечишда ёрдам беришимизга тўғри келади.

- Сизларни қандай топишади?

— Бу ердаги барча ўзбеклар биз ҳақимизда билишади деб ўйлайман, чунки Приморье ўлкасида ягона бундай ташкилот бизмиз. Беш йил ичида Владивосток марказида офисимиз очилди, қайноқ линия ишлаб турибди. WhatsApp орқали мурожаат қилишади.

- Приморьеда яшайдиган ўзбеклар йиғилиб туришадими?

— Албатта. Шаҳарда бир нечта миллий ошхоналар бор. Тез-тез тўйлар бўлиб туради.

Зулайхо Кадирова - Sputnik Ўзбекистон
Migrant-friendly: Рязандаги ўзбеклар қандай ҳаёт кечиришмоқда

Наврўзни ҳар йили нишонлаймиз, олтинчи маротаба ушбу байрамни ўтказдик. Охирги марта Русский оролида бир ярим минг киши жам бўлди. Палов тайёрлаймиз, концерт уюштирамиз. Ёрдам беришга тайёр фаоллар, тадбиркорлар бор. Шаҳар аҳли ҳатто қўнғироқ қилиб қачон тадбир ўтказилишини сўраб туради.

- Бошқа тадбирларда ҳам қатнашасизларми?

— Кўплаб тадбирларда, жумладан, шаҳар миқёсидаги тадбирларда ҳам иштирок этамиз. Бизнинг миллий либослари ва карнай-сурнайларига эга рақс ва вокал жамоаларимиз бор. Уларни кўпинча мисол учун корейслар ёки украинлар ўз байрамларига таклиф этишади.

Май ойи бошида Уссурийскда катта палов фестивали ўтказилди. Меҳмонлар учун 10та қозонда ош дамланди. Биз тошкентча палов тайёрладик.

Спорт тадбирларида иштирок этамиз. 2014 йилда бизнинг жамоамиз 10та терма жамоа қатнашган миллатлараро футбол мусобақасида биринчи ўринни олган. Баъзан ўзимиз ҳам кураш, футбол бўйича мусобақалар уюштирамиз.

- Ўзбекистонга бориб турасизми? Мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар сезиляптими?

— Тошкентга ҳар йили бораман: у ерда қариндош ва дўстларим яшайди. Мамлакатдаги катта ўзгаришларни кўриб турибман, иқтисодиётда кўплаб ислоҳотлар ўтказиляпти. Шавкат Мирзиёев оқилона сиёсат олиб боряпти деб ўйлайман. У бош вазир бўлиб ишлаган, президент этиб сайланганида эса мамлакатдаги вазиятдан жуда яхши хабардор эди, шунинг учун ҳамма ишни тўғри олиб боряпти. Қисқа вақт ичида бунча нарсани ўзгартириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

- Владивостокда Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси очилиши режалаштирилган. Бунга эҳтиёж борми?

— Консулхона жудаям керак. Узоқ Шарқда ўзбекистонликлар кўп, аммо кимдир ҳужжатини йўқотиб қўйса ёки бирор муаммо пайдо бўлса, Москва ёки Новосибирскка боришига тўғри келади, бу эса узоқ йўл дегани.

Янгиликлар лентаси
0