Муомаладан чиқарилаётган тангалар ва пуллар қай тартибда алмаштирилади

Oбуна бўлиш
Ушбу тангалар ва банкноталар савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳа субъектларининг кунлик тушуми сифатида банк кассаларига топширилади ҳамда қайта муомалага чиқарилмайди.

ТОШКЕНТ, 23 май – Sputnik. Эски намунадаги тангаларни ва банкноталарни муомаладан қайтариб олиш табиий йўл билан, яъни банк кассаларига келиб тушган ушбу тангалар ва банкноталарни қайта муомалага чиқармаслик орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Тасдиқланган тартибга кўра, эски намунадаги 50, 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик банкноталар учун 2019 йилнинг 1 июлига қадар, эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик банкноталар учун 2020 йил 1 июлга қадар муомалада бўлиш муддати белгиланган.

Белгиланган муддат давомида ушбу банкнота ва тангалар қонуний тўлов воситаси ҳисобланиб, улар билан нақд пулдаги тўловларни амалга ошириш мумкин.

“Шу сабабли, аҳолининг хавотирга тушишига ҳеч қандай ҳожат йўқ. Чунки нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда ушбу танга ва банкноталардан чекловларсиз фойдаланишлари мумкин”, - дейилади хабарда.

Ушбу тангалар ва банкноталар савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳа субъектларининг кунлик тушуми сифатида банк кассаларига топширилади ҳамда қайта муомалага чиқарилмайди.

Аҳоли қўлидаги эски намунадаги тангалар ва банкноталарни банклар орқали янги намунадаги тангаларга алмаштириб олишлари ҳам мумкин.

Эски намунадаги 50, 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик банкноталар янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилган кундан бошлаб ҳамда эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик банкноталар 2019 йил 1 июлдан бошлаб банк кассалари орқали янги тангаларга алмаштириб олиш мумкин бўлади.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангаларнинг муомалага чиқариш санаси, уларнинг кўриниши ва тавсифи Марказий банкнинг веб-сайти ва ОАВ орқали эълон қилинади.

Янгиликлар лентаси
0