ТОШКЕНТ, 22 май – Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмонов вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда диний идора матбуот хизмати хабар берди.
“Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ҳозирда бетоб бўлиб турганликлари сабабли Рамазон ойида диний соҳада айни иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрли лойиҳаларда масъуллик юклатилиши муносабати билан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини вақтинча Эргаш домла Рустамов бажариб турган эди”, - дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, диний идора Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмонов вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимовнинг бу ҳақдаги буйруғини 21 май куни Тошкент шаҳридаги “Минор” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ўқиб эшиттирган.