ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Ўзбекистоннинг Украинадаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан 2018 йилнинг 6 июнь куни Киев шаҳрида "Ўзбекистон ва Украина: иқтисодий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари" мавзусида Ўзбекистон-Украина иқтисодий форуми бўлиб ўтади, деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот-хизмати.
"Форум доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, хусусан тўқимачилик, поябзал-чарм, электр техника, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш маҳсулотлари, кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади", — дейилади хабарда.
Айтилишича, форумда иштирок этиш учун икки мамлакат бизнес вакиллари ва Ўзбекистоннинг Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари раҳбарлари, Украинанинг Львов, Запорожье, Харьков, Сумы, Херсон ва Киев вилоятлари маъмуриятлари раҳбарлари таклиф қилинади.
Ўзбекистон-Украина иқтисодий форуми ишида иштирок этишни истаганлар, ТИВ сайтида кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари ёки embassy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига мактуб йўллашлари мумкин.