ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ислом дунёси Қуддус бўйича имтиҳонни уддалай олмади, деб баёнот қилди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишига мусулмон мамлакатлари томонидан суст муносабат билдирилгани ҳолатига изоҳ берар экан. РИА Новости хабарига асосан.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, "агар мусулмонлар бирдам бўлса ва биргаликда зулмга қарши чиқса, у ҳолда Исроил номаъқулчилиги узоққа бормайди". Шу билан бирга турк етакчиси яҳудийларни сионистларга ўхшатиш керак эмаслигини қўшимча қилди ва америкаликларни "АҚШ раҳбарияти содир этаётган хатоликларга нисбатан овозларни баландлатишга чақирди".
Ушбу митингда Туркия Бош вазири Биноли Йилдирим ҳам чиқиш қилиб, "фаластин халқининг адолатли кураши — Туркиянинг ҳам кураши" деб айтди. Йилдирим Исроил етакчисини фашист Германия ва Италия раҳбарларига қиёслади. "Исроил ҳукумати Гитлер ва Муссолинига тақлид қилган ҳолда, бутун дунёга ўзларининг асл мақсадларини кўрсатишмоқда — улар оккупантлар бўлиб, ҳуқуқ нормаларини мутлақо назарга илишмайди", — деди Туркия Бош вазири.
Америка элчихонаси Қуддусга кўчирилган кунда Ғазо секторида норозилик акциялари бошланиб кетди. Исроил аскарлари тартибсизлик иштирокчиларига қарата тўғридан-тўғри ўт очдилар. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу тўқнашувларда 60дан зиёд фаластинликлар ҳалок бўлган.
Эрдўғон ушбу ҳаракатларни геноцид, деб атади ва Туркияда уч кунлик мотам эълон қилди. Бундан ташқари, Анқара маслаҳатлашув учун АҚШ ва Исроилдан ўз элчиларини чақириб олди, Исроил элчисига эса мамлакатни тарк этишни таклиф этди.