ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида "Andijan Silk.Co" корхонасида бўлиб, рамзий тугмани босиб, унинг фаолиятига старт берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур корхона масъулияти чекланган жамият шаклида бўлиб, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида ташкил этилган. Бу ерда пилла қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
"Andijan Silk.Co" қўшма корхонасига 2 миллион 100 минг доллар эвазига Хитойда ишлаб чиқарилган ип йигирув ва тикув машиналари келтириб ўрнатилди. Натижада 150 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Жорий йил охиригача ишчилар сонини 300 тага етказиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, йилига 300 тонна қуруқ пилла қайта ишланади. 2018 йилнинг ўзида 5,1 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
Шу ернинг ўзида пиллачиликни ривожлантириш, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, ип-калава ҳамда газламалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.
Президент мазкур лойиҳалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.