ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. "Чорвоқ" эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.
Ушбу қарор билан "Чорвоқ" эркин туристик зонаси чегаралари, эркин туристик зонани янада ривожлантириш концепцияси, низоми, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланиб, "Чорвоқ" эркин туристик зонаси дирекцияси" ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, "Чорвоқ" эркин туристик зонаси Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, замонавий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали аҳолининг дам олиши ва туризми учун шароитларни яхшилаш, туризм хизматлари соҳасида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлиги ҳамда фаровонлигини ошириш мақсадида 2017 йил 5 декабрдаги президент фармонига асосан ташкил этилган.