Барча вилоятларда қизлар саломатлик марказлари ва аёллар маслаҳатхоналари очилади

© Пресс-служба Министерства Здравоохранения УзбекистанаМедицинские работники
Медицинские работники - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ушбу йилнинг август ойига қадар ҳар бир вилоятда алоҳида қизлар ва аёллар маслаҳатхоналари очилади ҳамда тезкор тиббий маслаҳат бериш хизмати ташкил қилинади.

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон президентининг 5325-сонли фармонини ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 352-сонли қарори  эълон қилинди.

Унда, хусусан, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ва қизларга сифатли аккушер-гинекологик хизматлар кўрсатиш, ҳомиладорлик вақтида аёлларни парваришлаш сифатини яхшилаш мақсадида, Тошкент шаҳри ва барча вилоят марказларида қизлар саломатлиги марказлари ҳамда аёллар маслаҳатхоналари ташкил қилиш айтиб ўтилган.

Хусусан,  Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг болалар гинекологияси бўлими негизида – Республика қизлар саломатлиги маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари негизида – ҳудудий қизлар саломатлик марказлари ташкил этилади.

Ушбу марказлар қизлар гинекологияси соҳасида юқори технологияларга асосланган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, профилактика тадбирларини амалга ошириш, қизларнинг соғлом ўсишини назорат қилиш, белгиланган дастурлар асосида тиббий кўриклар ташкил қилиш билан шуғулланади.   

Иккинчидан, республикадаги марказий кўп тармоқли  поликлиникалар ва оилавий поликлиникалар негизида “Аёллар маслаҳатхоналари” ташкил қилинади.

Ушбу маслаҳатхоналарнинг асосий вазифаси этиб, оила қуришни режалаштириш, эрта турмушга чиқишнинг олдини олиш, туғруқлар орасидаги даврни узайтириш, контрацепция соҳасида маслаҳат бериш, репродуктив саломатлик ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш белгиланди.

Учинчидан, Ахборот технологиялари вазирлиги билан ҳамкорликда бутун Республика ҳудудида фаолият кўрсатувчи “тезкор алоқа” тармоғини ишга тушириш режалаштирилган.

Қизлар ва аёллар 24 соат давомида 1003 – телефон рақами орқали “тезкор алоқа” хизмати билан уланиб, сифатли тиббий маслаҳат, репродуктив саломатлик ва жинсий тарбия муаммолари, оилада нотинчлик ҳолатлари юзасидан керакли маслаҳатлар олишлари мумкин бўлади.

Янгиликлар лентаси
0