ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп билан учрашди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.
Трамп Мирзиёевни расмий ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон АҚШ учун муҳим давлат, стратегик шерик эканини қайд этди.
"Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ошиб бормоқда. Сиз билан Оқ уйда учрашиш биз учун шараф", — деди АҚШ президенти.
Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонни изчил қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади.
"Ўзбекистон ва АҚШдаги Президент сайловларидан кейин мамлакатларимиз муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бугун қабул қилинадиган «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» номли Қўшма баёнот ўз номи ва моҳияти билан кўп нарсани англатади. Томонларнинг узоқ келажакка мўлжалланган интилишларидан далолат беради", — деди Ўзбекистон президенти.
Олий даражадаги ушбу учрашув янгича сиёсий муҳитда кечаётгани билан аҳамиятли. Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп деярли бир пайтда президентлик лавозимига киришган, шундан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар босқичма-босқич фаоллашиб келаётган эди.
Турли даражадаги делегациялар Ўзбекистон ва АҚШда бўлди. Давлат раҳбарлари 2017 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида ва сентябрда Нью-Йоркда учрашди. Декабрда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни АҚШга расмий ташриф буюришга таклиф этган эди. "Бу давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда тан олинаётганини англатади", — дейилади матбуот-хизмати хабарида.