ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси интернетда тарқалган 700 минг доллар олган прокуратура ходими ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
"Интернет тармоғида муқаддам туман прокурори катта ёрдамчиси бўлиб ишлаган шахс пойтахт фуқароси ва "Туркистон" банки ходимларининг жиноят ишлари бўйича масалаларини "ҳал қилиб бериш"ни ваъда қилганлиги хақида хабар тарқалган. Шунингдек, материалда у 700 минг АҚШ доллари пора сифатида олинганлиги қайд этилган", — дейилади унда.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳозирги кунда юқоридаги ҳолат бўйича 2013 йилда ХОАТБ "Туркистон банк" ходимларига нисбатан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов қилинган жиноят иши доирасида қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартириб бериш учун 300 минг долларни алдов ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олганлиги юзасидан бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Ушбу жиноят иши бўйича гумон қилинувчилар мансабдор шахслар ҳисобланмайди ва хеч қандай хизмат мавқеига эга эмас. Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар прокуратурасининг иш юритувида прокуратура органларининг собиқ ҳодимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд эмас", — дейилади Бош прокуратура томонидан.
Бош прокуратура тергов сири нуқтаи назаридан жиноят иши бўйича бошқа маълумотлар ҳозирда ошкор қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслигини билдирган.