ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Москвадан Кисловодскка учиши керак бўлган ўзбекистонлик етти нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси адашиб Сочига билет олишган. Бу ҳақда Сочи мэрияси матбуот хизмати хабар қилди.
"Улар адашишганини самоётдан тушишганидан сўнг тушуниб қолишди. Лекин вазиятдан чиқиш йўли тезда топилди", — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, улар Москвадаги байрам парадида иштирок этганларидан сўнг Кисловодскдаги санаторийга боришлари керак бўлган. Аммо меҳмонлар Сочига билет олишган.
— Фахрийлар ўзларини узоқ кутилган меҳмонлардек ҳис қилишлари учун мэрия томонидан барча чоралар кўрилди. Меҳмонлар учун шаҳар бўйлаб экскурсия уюштирилди, уларнинг Кисловодскка етиб олишлари таъминланди, — деди Сочи мэри ўринбосари Эдуард Волков.
Ўзбекистонлик фахрийлар Адлердаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштирилган, Қора денгиз ҳавосидан баҳраманд бўлишган ҳамда поездда Кисловодскка кузатиб қўйилган.