ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Германия компания ва банкларининг 70дан ортиқ вакилларидан иборат делегация 14-16 май кунлари Ўзбекистонда бўлади, деб хабар берди "Жаҳон" АА.
Ташриф Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан Немис иқтисодиёти шарқий қўмитаси ва Немис-ўзбек ишбилармонлар кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Банклар ва автомобиль, кимё, электротехника, туризм ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, хизматлар ва бошқа соҳалар вакилларидан иборат делегация икки мамлакат ҳамкорлиги тарихидаги энг катта делегация бўлади. Делегация таркибидан Siemens, МАN, BASF, TUI Group, SAP, Deutsche Bank ва Commerzbank ҳамда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиққан кичик ва ўрта бизнес корхоналари вакиллари ўрин олган.
Ташриф доирасида 15 май куни Тошкентда Немис-ўзбек ишбилармонлар кенгашининг IV йиғилиши, бизнес-форум ва кооперацион биржа ўтказилади. Бундан ташқари, делегация аъзолари Бухоро вилоятидаги Knauf Gips заводи ишлаб чиқариш линиясининг очилиш маросимида иштирок этишади ҳамда немис саноат зонаси яратилиши режалаштирилаётган Тошкентдаги собиқ "Алгоритм" завобига ташриф буюришади.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистондаги қатор корхоналар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш, ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун республика вилоятларига ташриф буюриш ҳам режалаштирилган. Тадбирлар якунларига кўра томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган келишувларни имзолаши кўзда тутилган.