ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. 16-19 май кунлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга Украинанинг Сум, Львов ва Херсон вилоятлари делегациялари ташриф буюради, деб хабар берди "Жаҳон" АА.
"Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ташаббуси билан 16-19 май кунлари республикага Украинанинг Сум, Львов ва Херсон вилоятлари делегацияларининг ташрифлари ташкиллаштирилмоқда", — дейилади хабарда.
Хабарга кўра, вилоят маъмуриятлари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар Украинанинг сиёсий-иқтисодий, этник-маданий салоҳияти тақдимотини ўтказишади ва бу ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ривожланишига туртки бўлади.
Делегациялар "Ўзбекистон нефть ва гази" XXII халқаро кўргазмаси ва анжуманида ҳамда "Энергетика, энергия тежамкорлиги, энергиянинг муқобил манбалари, электротехника жиҳозлари, ахборот-ўлчов техникаси, кабеллар" XIII халқаро кўргазмасида иштирок этишади.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ҳукуматида учрашувлар ўтказиши, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қарши ва Бухородаги ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюришлари режалаштирилган.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Львов вилояти маъмурияти ўртасида минтақавий ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланиши кўзда тутилган.