ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Ўзбекистонлик экспертлар — Самарқанд давлат тиббиёт институти ассистенти Абсамат Осланов, Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси бўлими мудири Анвар Сувановлар — ҳомиладор аёллар учун маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш нақадар муҳимлиги ҳақида тўхталдилар. Бу ҳақда улар "Зарафшон" газетасида ёзган мақолаларида баён этишган.
Бугун дунё олимларини янги туғилган чақалоқлар ўртасидаги касалликлар 5 мартага, овқатга нисбатан аллергия 10 мартага, туғма нуқсон билан туғилиш икки марта ошиб бораётгани ташвишга солмоқда, дейилади хабар аввалида.
Айниқса, ҳомиладор онанинг организми турли ўзгаришларга учрайди. Бироқ эмбрион ва ҳомиланинг ўзгара олмаганлиги оқибатида турли касалликлар пайдо бўлади. Маҳсулотларнинг ҳомиладор аёл организмига ва унинг ҳомиласига таъсири етарлича ўрганилмаяпти. Аксарият давлатлардаги сармоядорлар касалликларнинг асл сабабини излаш ўрнига янгидан-янги дори-дармонларни яратиш ва уни ишлаб чиқаришга катта маблағ сарфлашмоқда.
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг олимлари МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб ана шу муаммо ечими устида бош қотирмоқда. Яъни, улар "Ҳомиладор аёлларда вирусли гепатитларни ташхислаш ва даволаш стандартлари" устида иш олиб бормоқда. Мазкур инновацион ғояда маҳаллий иқлим шароитида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш она ва бола соғлиғига ижобий таъсир қилиши исботлаб берилди.
"Ҳомиладор аёлларга кўпроқ мева-сабзавотлар ва кимёвий аралашмалар қўшилмаган озиқ-овқатлардан истеъмол қилишнинг тавсия этилиши мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ҳаракатларга мос келади", — деб таъкидлашган экспертлар ўз мақоласида.