ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Иккинчи жаҳон уруши йилларида юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз тарбиясига олди. Ана шундай буюк инсонпарварлик юксак маънавий жасорат намунаси сифатида бутун дунёда эътироф этилди, деб таъкидлади 9 май куни Тошкентдаги Ботаника боғида сўзлаган нутқида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистонда 9 май байрами бу йил ўзгача руҳда нишонланди. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида бўлиб ўтди.
Байрамда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан уруш ва меҳнат фахрийлари, Ҳукумат раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди.
Ботаника боғига қадам қўйишингиз билан ўзингизни гўёки Иккинчи жаҳон уруши давридаги жанг майдонига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Кираверишда Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий техникалар терилган бўлса, сал нарида қўмондонлик штаби, окоплар, тиббиёт пункти ва дала ошхонаси ишлаб турибди…
Шунингдек, "жанг майдонларида" Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ветеранлар ва ўзбекистонлик фуқароларнинг фронт орти меҳнат фаолияти ҳам акс эттирилган.
Байрам тадбирига таклиф этилган ветеран ва меҳнат фахрийлари ўзгача ҳурмат билан кутиб олинди. Боғга кираверишда оркестр томонидан уруш йилларида аскарларга руҳ бағишлаган куй-қўшиқлар ижро этилди ва тадбирга келган ҳар бир ветеран "Байрамингиз билан! Ғалаба учун раҳмат! Биз сизлар билан фахрланамиз!", — деган жарангдор табриклар билан қарши олинди.
Бундан руҳланиб кетган ветеранлар ҳатто ўзлари ўтирган аравачалардан туриб, берилиб рақс ижро этдилар.
Байрам тадбирига ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аввалига Ботаника боғида вужудга келтирилган "уруш йиллари" муҳитини кўздан кечирди.
Сўнгра, меҳмонлар қаршисида ўз табрик нутқи билан чиқиш қилди ва кутилмаганда байрам дастурхони атрофида йиғилган уруш фахрийларининг ҳар бирининг ёнига бориб, маҳкам бағрига босиб, шахсан табриклаб чиқди. Бунақаси ҳали бўлмаган…
Ҳа айтганча, Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг 6,5 миллион аҳолисидан 1,5 миллиони, яъни меҳнатга лаёқатли аҳолининг 42% сафарбар этилган. Улардан қарийб 500 минг нафари жанг майдонларида ҳалок бўлган, 120 мингдан ортиғи жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Жумладан, 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги "Слава" ордени билан мукофотланган.