Дональд Трамп Эрон билан ядровий келишувдан чиқишини эълон қилди. Ва бу билан президентлик давридаги энг катта ташқи сиёсий хатога йўл қўйди.
Сўнгги дақиқаларгача таҳлилчилар мўъжизадан умид қилиб туришди. Улар АҚШ президенти охирги лаҳзада фикридан қайтади деб ўйлашганди. Аммо 8 май куни Трамп келишувни яна бир бор "чуқур нуқсонли" деб атади, АҚШ бу келишувдан чиқишини эълон қилди ва "Эрон режимига қарши энг юқори даражадаги" санкцияларни тиклашни бошлаш ҳақидаги фармонни имзолади.
Исроил ва Саудия Арабистони манфаатлари йўлида
Мазкур вазиятнинг энг кинояли жиҳати шундаки, Трампда ядровий келишувдан чиқиш учун ҳеч қандай қонуний асос йўқ. Эрон ядровий келишувнинг барча шартларига тўлиқ амал қилди ва буни баҳолаш ҳуқуқига эга бўлган ягона орган — МАГАТЭ бир неча бор тасдиқлади.
Трампнинг эътирозларига келишувдаги айрим жиҳатлар ёқмаганлиги сабаб бўлди — масалан, унда Эрон ракета дастури ҳақидаги банд йўқлиги ҳамда Эроннинг тинч ядровий дастури бўйича чекловларнинг вақтинчалиги. Трампнинг иттифоқчилари ва Эронни келишувни қайта тузишга мажбурлашга уринишлари кутилганидек самара бермади (чунки халқаро муносабатларда бундай иш тутилмайди) ва у келишувдан чиқишини эълон қилди.
Ҳаммадан кўпроқ албатта Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху хурсанд бўлди. У "Трампнинг бу даҳшатли келишувдан чиқишини тўла-тўкис қўллаб-қувватлайди". Бўлиб ҳам сўздамас, амалда — Тель-Авив Американинг келишувдан чиқишига қонуний асос келтиришга уриниб Эрон махфий равишда ядро қуроли ишлаб чиқаётганлигининг исботи борлигини маълум қилди.
Нетаньяхунинг уринишларини тушунса бўлади — исроилликлар Яқин Шарқда Эроннинг таъсири кескин ўсишидан қаттиқ хавотирда ва санкцияларнинг тикланиши Эроннинг имкониятларини оз бўлсада чеклашидан жудаям умид қилишмоқда. Кўпи билан эса Эрон ядровий дастурининг тикланиши АҚШ ва Эрон ўртасида ҳарбий тўқнашув келтириб чиқаради. Оқибатда эса эронликлар ортга чекиниши мумкин.
Саудияликлар ҳам худди шу сабабли қувонишмоқда — шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон учун Эрон худди томоққа тиқилган суякка ўхшайди ва у ҳам Ислом Республикаси америкаликлар қўли билан мажақланишига қарши эмас.
Яккаланишга марҳамат
Америкаликлар ҳам қувонишлари керакми? Бу жудаям қийин, чунки Америка президентининг қарори мамлакат миллий манфаатларига тўғридан-тўғри зарба беради. Ва бу АҚШ Яқин Шарқда навбатдаги урушга кириши сабаблигина эмас.
Биринчидан, Қўшма Штатлар қурол тарқатмаслик режимини хавф остига қўяди. Эрон ядровий келишуви атом муаммоларини урушмасдан ҳам ҳал қилиш мумкинлигини исботловчи воқеа эди. Ядровий дастурни вақтинчалик чеклаш йўли орқали мамлакат жаҳон иқтисодиётига қўшилади, унда ишонч муҳити шакллантирилади ва шундан сўнг мамлакатнинг ўзи ядровий қурол яратиш учун ўз мақомидан ажралишни истамай қўяди.
Ҳозир эса мутлақо бошқача вазият юзага келди — халқаро келишувни америкаликлар истаган вақтларида бузиши мумкинлигини ҳар қандай мамлакат англаб етди.
Келишувдан олдинги ҳолатга эронликлар қайта олишмайди — улар анча объектлар ва бойитилган уран захираларини йўқ қилишган.
Иккинчидан, АҚШнинг собиқ вице-президенти тўғри таъкидлаганидек, келишувдан чиқиш ҳақидаги қарор "АҚШни деярли ҳар бир давлат кўз ўнгида якккалаб қўяди, уларга ва уларнинг етакчилик мақомига бўлган ишончга дарз кетишига олиб келади".
Тель-Авив ва Ар-Риёддан фарқли ўлароқ, аксарият давлатлар пойтахтлари АҚШнинг ядро келишувидан чиқишига бутунлай қарши бўлишди. Ва бу масалада Дональд Трамп ўз иттифоқчилари —Германия канцлери Ангела Меркель, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй ва Франция президенти Эммануэль Макронлар (Трамп, Эрон, Хитой ва Россия билан биргаликда келишувни имзолаганлар) билан ҳам тил топиша олмади. Улар охирги лаҳзаларгача президентни фикридан қайтаришга уринишди.
Шармандалик ва уруш ўртасида
Бундан ташқари, Трамп иттифоқчиларини антиқа танлов қаршисида қолдирди. Америка президенти барча мамлакатлар унинг Ислом Республикасига нисбатан қўллаётган "юқори даражадаги" санкцияларига амал қилишлари шартлигини билдирди. Бошқача қилиб айтганда, Европа Эрон билан сўнгги йилларда тузган инвестиция ва шартномаларини ахлатга улоқтириши керак. Ҳозирда ЕИ икки ўт орасида: Американинг талабига бўйсуниши керак ёки ўз компаниялари ва манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда унга қаршилик кўрсатиши керак. Керак бўлса, мабодо Америка Европа фирмаларига санкция қўллайдиган бўлса, унга жавоб санкцияларини қўллаши керак.
Вазият Черчилнинг шармандалик ва уруш ўртасидаги танлов ҳақида айтган машҳур иборасини эслатади. Унинг сўзларига кўра, шармандалик ва уруш орасида шармандаликнинг танланиши келгусида барибир урушга олиб келади. ЕИ раҳбарлари агарда ҳозир Европа бўйсунадиган бўлса, Трамп бошқа масалаларда ҳам европаликларни Америка ташқи сиёсатига бўйсундиришда давом этишини, бунда европаликларнинг фикри уни мутлақо қизиқтирмаслигини тушуниб туришибди.
Қаршилик кўрсатиш борасида овозлар янграмоқда — ҳатто Еврокомиссия аъзолари "санкциялар уруши" бошланса Америка компанияларига нисбатан санкция киритиш имкониятлари ҳақида гапиришмоқда. Ва эронликлар бу овозлар кучайиши ва қўллаб-қувватланиши учун бор имкониятларини ишга солишмоқда.
Айнан шу боис Теҳрон бу ўйинда ақлли юриш қилмоқда — Ислом Республикаси келишувдан зудлик билан чиқишини ва ўз ядровий дастурини тиклашини эълон қилмади. "Эндиликда бу келишув Эрон ва қолган беш мамлакат ўртасида давом этади", — деди ЭИР президенти Ҳасан Роуҳани. Лекин бу қарор вақтинчалик — эронликлар ўйлаб кўришади. Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифнинг сўзларига кўра, ядровий келишувнинг қолган аъзолари Эрон "манфаатлари"ни таъминлай оладими-йўқми, синаб кўришади. Бошқача айтганда, Теҳрон инвестиция ва шартномаларни ҳимоя қилиш бўйича Европанинг кафолатини олмоқчи. Шундан кейингина Эрон ядровий келишувда қолиш-қолмаслик ҳақида қарор қабул қилади.