ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Бош штаб квартираси Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси халқаро нодавлат ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарида бирорта ҳам маҳбус журналист қолмаганлигини маълум қилди.
Журналист Бобомурод Абдуллаев ва блоггер Ҳаётхон Насриддиновларнинг суд залидан озод этилиши муносабати билан эълон қилинган баёнотда Ўзбекистоннинг бу қадами олқишланади.
Қўмитанинг билдиришича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга раҳбарлик қилишни бошлаганидан бери мамлакатда узоқ йиллардан буён қамоқхоналарда бўлган журналистлар: Муҳаммад Бекжонов, Жамшид Каримов, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Сайид, Юсуф Рўзимуродовлар озодликка чиқарилган.
7 май куни эса Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартириш) билан айбланган ва журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер Ҳаётхон Насриддинов ва яна икки нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди.
Бобомурод Абдуллаевга маошининг 20%и давлат ҳисобига ўтказиш шарти билан 3 йиллик ахлоқ тузатиш ишлари берилди. Абдуллаев 221 кун ҳибсда сақланганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу муддат жазо муддатидан чиқариб ташланди.
Ушбу жиноий иш бўйича айбланаётган бошқа иштирокчилар — Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевларга қўйилган айблар олиб ташланди ва улар суд залидан озодликка чиқарилди.
Ўтказилган текширувлар натижасида, дастлабки босқичда унга ва яна уч нафар фуқарога нисбатан қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмади. Берилган кўрсатмаларнинг айримлари босим остида олинган деб топилди. Ушбу ишни маҳаллий ва халқаро журналистлар ёритиб боришди.