ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин собиқ СССР мамлакатлари етакчиларини ҳамда Грузия ва Украина аҳолисини Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 73 йиллиги билан табриклади, деб хабар қилмоқда Кремль матбуот-хизмати.
Хабарда айтилишича, Россия президенти Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Абхазия, Жанубий Осетия етакчилари, шунингдек, Грузия ва Украина фуқароларига ўз табрикномасини йўллаган.
"Россия президенти табрикномасида Ғалаба куни — Ватанни ва бутун инсониятни фашизмдан қутқариш йўлида уруш фронтларида елкама-елка курашган, фронт ортида катта жасорат билан меҳнат қилган бизнинг халқларимизнинг тенгсиз қаҳрамонлиги ва бирдамлиги рамзи, муқаддас сана эканлиги қайд этилган", — дейилади хабарда.