ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Барселона шаҳрида жойлашган Савдо-саноат палата биносида Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятига бағишланган тақдимот анжумани ўтказилди, деб хабар қилди Жаҳон ахборот агентлиги.
Ушбу тадбирда шаҳар маъмурияти, ишбилармонлар ҳамда маҳаллий журналистлар қатнашди.
Ўзбекистонликлар Испания шерикларига республикада бизнес юритиш шароитлари, ҳуқуқий кафолатлари, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ва қулай жўғрофик жойлашуви, транспорт-логистик инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумотларни беришди.
Испания ишбилармонларида Ўзбекистонда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналар катта қизиқиш уйғотди.
Европа тадбиркорларининг фикрига кўра, бу каби тақдимотлар бизнес учун янги имкониятларни очиб беради.