ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Россиядаги ўзбек диаспоралари вакиллари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассислари билан учрашув ўтказишди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов, ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Равшан Ибрагимов иштирок этди. Россиядан эса Астрахандаги "Ўзбекистон" ўзбек маданияти ҳудудий жамоат ташкилоти раиси Баҳодир Аминов, "Татаристон Республикасидаги ўзбеклар миллий-маданий автономияси" ҲЖТ раиси Абдуманноб Абдусаттаров, Свердловскдаги "Уралдаги ўзбекистонликлар иттифоқи" жамоат ташкилоти раиси Зокир Оллаберганов ва бошқалар ташриф буюрди.
Учрашув қатнашчилари ҳамкорликни ривожлантириш, меҳнат мигрантлари — Россия ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари муаммоларини ҳал қилиш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишди.
Учрашув давомида диаспора жамоат ташкилотлари билан Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат мигрантларининг меҳнат фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзолаш масаласи маъқулланди.