ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Яқин келажакда АҚШга расмий ташриф билан борадиган Ўзбекистон президенти америка маъмурияти билан кенг доирадаги масалаларни ҳал этади, дея фикр билдирди Тошкент Ma'no ташаббусларни тадқиқ этиш маркази раҳбари Бахтиёр Эргашев.
Эксперт сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги ташқи сиёсати, айниқса минтақавий борадаги сиёсати, жуда фаол ва мантиқий давомийликни талаб этади.
"Яқинда Тошкентда Афғонистон бўйича ўта жиддий конференция бўлиб ўтди ва АҚШ бу тадбирни ўтказиш бўйича асосий ҳамкорлардан бири бўлган эди. Аммо эндиликда кейинги поғонага кўтарилиш, ушбу масалаларни ҳал этишда давом этиш лозим. Бу ҳам сиёсий мақсадлар, ҳам хавфсизлик масалалари, иқтисод ва инвестициялар, буларнинг барчаси муҳокама этилади. Фикримча, у ерда жуда ижобий ечимлар бўлади. Томонлар бунга тайёр", — деб таъкидлади эксперт.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг охирида бўлиб ўтган телефон мулоқоти давомида Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида АҚШга расман ташриф буюришни таклиф этган эди. Жорий йилнинг март ойида Трамп Мирзиёевга юборган мактубида Ўзбекистон президенти билан учрашувни "интизорлик билан кутаётганини" айтиб ўтган эди.