ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. АҚШ Федерал тергов бюроси Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги вакилларига "Портлашдан кейинги тергов ҳаракатларини ўтказиш тартиби" мавзусида махсус ўқув-амалий машғулотлар ўтказди.
Машғулотларнинг бир қисми интерактив маърузалар шаклида Бош прокуратуранинг Олий ўқув курсларида ўтказилди, деб хабар қилдаи Ўзбекистон Бош прокуратураси.
Дала шароитида 3 та автоуловни ўқув мақсадлари учун портлатиш ҳамда воқеа жойини кўздан кечириш жараёни ўтказилган.
Шу билан бирга экспертлар томонидан далилий ашёларни йиғиш, намуналар олиш ва уларни экспертизага юбориш ҳамда амалиётда мазкур тергов ҳаракатларини амалга оширишда йўл қўйиладиган хатолар кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, машғулотларда АҚШда содир этилган иккита қўпорувчилик ҳаракатлари факти таҳлил қилинган.
"Умуман олганда, ўқув машғулотлари портлашдан кейинги кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини ўтказишда далилларни аниқлаш ва тўплаш учун зарурий бўлган аниқ билим ва кўникмаларни ривожлантиришга қаратилди", — дейилади хабарда.
Тадбир якунида тингловчиларга сертификатлар топширилган.