ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Иккала Корея етакчилари биргаликда ярашув тимсолини англатувчи дарахтни экишади. Ушбу тарихий воқеа 27 апрел куни кундузи рўй бериши кутилмоқда.
Хабарга кўра, Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин КХДР етакчиси Ким Чен Инни маҳаллий вақт 9.30да ҳарбий-демаркация чизиғи ёнида кутиб олади. Орадан бир соат ўтгач, жанубдаги демилитаризация қилинган ҳудуд — "Тинчлик уйи"да музокаралар бошланади. Бу музокараларга кореялараро саммит дея ном берилган.
Жанубий Корея президенти маъмурияти вакиллари иккала сиёсатчи қарағай дарахтини экишлари ҳақида маълумот берган. Дарахт ёнида ўрнатиладиган ёдгорлик тахтасида "Бу ерда Тинчлик ва Фаровонлик томир отган" деган сўзлар ўйиб ёзилган бўлади.